“Янги Ўзбекистон” боғида мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган байрам концерт дастури
Мамлакатимиз мустақиллигининг ҳар бир йили қадрли, салмоқли. 30 йиллик эса бу тарихни ўзида қамраган янада шонли сана. Шу кунларда халқимиз мазкур айёмни зўр шоду хуррамлик билан нишонламоқда.
Бу йилги байрам тантанаси шу санага бағишлаб бунёд этилган “Янги Ўзбекистон” боғида ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, бутун халқимизни мустақилликнинг 30 йиллик байрами билан табриклади.
– Барчамизга аёнки, эл-юртимиз асрлар давомида озод ва эркин ҳаётни, адолатли жамиятни орзу қилиб яшади. Бу муқаддас мақсад йўлида жон олиб, жон бериб курашди, машаққатли синовларни мардона енгиб ўтди. Халқимиз қалбидаги ҳуррият сари эзгу интилишни ҳеч қандай босқин, зулм ва зўравонликлар йўқота олмади. 1991 йил 31 август куни мамлакатимиз ҳаёти ва тақдирида туб бурилиш ясаган, том маънодаги буюк тарихий воқеа юз берди. Неча юз йиллар давомида келажакка катта умид ва ишонч билан қараб, ҳамиша сабр-матонат билан яшаган халқимиз улуғ орзусига эришди – ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилиб, тарихимизнинг энг мураккаб ва оғир даврларида давлатимизни бошқарган Биринчи Президентимиз Ислом Каримовни, унинг раҳбарлигида амалга оширилган улкан ишларни эсга олди.
Истиқлол йилларида юртимизда янги давлат ва жамият қурилди. Замонавий давлатчилик асослари, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари шаклланди. Қадимий тарихимиз, бой маданий меросимиз, миллий-диний қадриятларимиз, ўзлигимиз тикланди. Ватанимиз жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади.
Инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, сўз ва виждон эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди. Кўп йиллардан буён жиддий муаммо бўлиб келган мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди.
Ўзбекистон Республикаси тарихда илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланди. Бу эса ушбу йўналишдаги ислоҳотларимиз халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганининг яққол тасдиғидир.
Охирги беш йил кескин синовлар даври бўлди. Айниқса, 2020 йили бошланган коронавирус пандемияси ва шу сабабли келиб чиққан иқтисодий инқироз глобал дунёнинг ажралмас қисми сифатида Ўзбекистон учун ҳам жиддий муаммоларни юзага келтирди.
– Яратганнинг инояти, эл-юртимизнинг аҳиллиги ва фидокорона меҳнати билан бу машаққатли синовларни мардона енгиб ўтмоқдамиз. Мамлакатимизда олиб борилаётган жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар юртимизда янги даврни – янги Ўзбекистон даврини бошлаб берди, – деч таъкидлади Президент.
Бу асосий иқтисодий кўрсаткичларда ҳам намоён. Хусусан, 2017-2020 йилларда мамлакатимизнинг иқтисодий ўсиш даражаси 18,3 фоизни ташкил этиб, ялпи ички маҳсулот 60 миллиард долларга етди. Ташқи савдо айланмаси 2016 йилдаги 24 миллиард доллардан 2020 йилда 36 миллиард долларга кўпайди.
Ишбилармон доираларнинг мамлакатимизга ишончи ортди. Инвестицияларнинг умумий ҳажми қисқа муддатда 2,1 мартага, шу жумладан, хорижий инвестициялар ҳажми 3 баробарга яқин ўсди.
Жойларда йирик заводлар, кичик саноат зоналари, инфратузилма иншоотлари, IT-парклар ишга туширилди. Саноат ва қишлоқ хўжалигида кластер тизими йўлга қўйилди. Тадбиркорлик ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани аҳолини иш билан таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
- Бугун ишонч билан айта оламизки, Ўзбекистон учун глобал инқирознинг оғир дамлари ортда қолмоқда, - деди давлат раҳбари.
Иқтисодиёт ривожини аҳолининг реал ялпи даромади 2016 йилга нисбатан 28 фоизга ўсганида ҳам кўриш мумкин. Ислоҳотлар доирасида қабул қилинган йирик дастурлар аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари натижасида кўп жойлар қурилиб, таъмирланди. 2017-2020 йиллар давомида 140 мингдан зиёд арзон ва сифатли уй-жойлар бунёд этилди. Ушбу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан қарийб 11 бараварга кўп.
Ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишлар ҳам қайд этилди. Бирламчи ва шошилич тиббий ёрдам тизими сифат жиҳатидан ўзгарди. Ихтисослашган тиббий марказлар, кўплаб клиникалар барпо этилди. Ўз вақтида кўрилган чоралар туфайли коронавирус пандемиясига қарши самарали курашилди.
Таълим соҳасидаги натижаларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Аввало, мактабгача таълимга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борадаги қамров даражаси 62 фоизга етди.
Янги турдаги таълим масканлари, хусусан, Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Биргина жорий йилда математика фани бўйича 56 та, кимё-биология фани бўйича 28 та, информатика ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича 14 та ана шундай мактаблар ташкил этилди.
Сўнгги беш йилда 64 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилди. Қабул квотаси 3 баробар оширилди. Эндиликда битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 28 фоизга етказилди. Бундан ташқари, ёшлар талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатилмоқда.
1 view
805
274
2 months ago 00:57:18 1
Ozodlik surishtiruvi: Farg‘onalik kuyovlar¸ zominlik jiyanlar¸ Prezident va “Investor”